| Расм
Меню ...
Бизнинг манзил
Ўзбекистон, 100 052
Тошкент шаҳри
Астрономия кўчаси, 33-уй
Тел: +998 71 235-81-02
Факс: +998 71 234-48-67
E-mail: info@astrin.uz
МЕРКУРИЙ САЙЁРАСИНИНГ ҚУЁШ ГАРДИШИДАН ЎТИШИ

2019 йил 11 ноябрь куни ноёб астрономик ҳодиса – Меркурий сайёрасининг Қуёш гардишидан ўтиши кузатилади. Бу ходиса Меркурий транзити деб ҳам аталади.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Улуғбек номидаги Астрономия институти бу ходисага бағишланган махсус илмий-ўқув семинар ташкил этмоқда. Унда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ва Тошкентдаги Президент мактаби иқтидорли ўқувчиларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Семинар давомида ўқувчиларга Қуёш тизимининг тузилиши, Коинот ҳақидаги замонавий тасаввурларнинг вужудга келишида транзитларнинг ўрни ва астрономия фанидаги охирги янгиликлар ҳақида маърузалар ўқилади. Семинар якунида Меркурий сайёрасининг Қуёш гардишидан ўтиши жараёни онлайн тарзда масофадан туриб кузатилади.


Меркурий транзити ҳақида. Ушбу ҳодиса кам кузатиладиган астрономик ҳодисалардан бўлиб, бир асрда 13-14 марта кузатилиши мумкин. Меркурийнинг охирги транзити 2016 йил май ойида кузатилган бўлиб, навбатдагиси 2032 йилда содир бўлади.

Транзит Тошкент вақти билан 17:36 да бошланиб 23:04 гача давом этади ва Меркурий сайёраси Қуёш ва Ер ўртасида бўлади. Ўзбекистонда бу вақтда Қуёш ботаётганини ҳисобга олсак, ушбу транзитни фақат Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қисман кузатиш имкони бор холос. Шимолий Америка материги ҳудудида Қуёш чиқиши пайтида, Жанубий-Ғарбий Осиё мамлакатлари, Африка ва Европа қитъалари ҳудудларида эса Қуёш ботаётган пайтда уни кузатиш имкони мавжуд. Жанубий Америка ҳудудида жойлашган давлатларда транзитни тўлиқ, яъни деярли 6 соат кузатиш имкони мавжуд.

Мазкур ҳодисани телескопда кузатиш мумкин ва кузатув вақтида махсус фильтрлардан фойдаланиш лозим, акс ҳолда, кўзга зарар етказиб қўйиш мумкин. Қуёшга телескоп орқали қаралганда (албатта махсус мослама – фильтрлар билан) кичкина қора доира (Меркурий) аста-секин Қуёшнинг дискини қандай кесиб ўтишини кўриш мумкин.

Transit of Mercury: 2019 Nov 11

Ушбу ҳодисанинг аҳамияти шундаки, Қуёш системаси ҳақидаги тўғри илмий дунёқараш, яъни геоцентрик (Ер марказда) эмас, гелиоцентрик (Қуёш марказда) назариянинг юзага чиқишида транзитлар муҳим роль ўйнаган. Бундан ташқари, ушбу ҳодиса астрономия фанидан табиий лаборатория иши ҳисобланиб, унинг давомида сайёрагача, Қуёшгача ва бошқа осмон жисмларигача бўлган масофаларни, сайёраларнинг орбитал тезлигини аниқлаш каби бир қатор кузатув ишларини амалга ошириш мумкин. Шунингдек, транзит пайтида Қуёш гардишидан ўтаётган сайёранинг атмосфераси ҳақида ҳам маълумотлар олиш мумкин бўлади.

Ҳозирги кунда ЎзФА Астрономия институти астрономияни оммавийлаштириш учун бир қатор амалий тадбирларни амалга оширмоқда. Шу каби астрономик ҳодисалар кузатувларини ташкиллаштириш ёшларнинг астрономия фанига бўлган қизиқишини янада оширишга ҳизмат қилади.

Семинар дастури

Cеминар Астрономия институти биносида соат 16:00 да ўз ишини бошлайди.
Манзил: Тошкент ш., Астрономия кўчаси 33 уй.
Мўлжал: Гидрометцентр ва Республика кардиология маркази оралиғида.

Мурожаат учун телефонлар:
Бердалиева Нуржамал: +998 (97) 778-81-39
Йулдошев Қудратилло: +998 (93) 789-08-67
Улуғбек номидаги Астрономия институти,