Меню ...
Бизнинг манзил
Ўзбекистон, 100 052
Тошкент шаҳри
Астрономия кўчаси, 33-уй
Тел: +998 71 235-81-02
Факс: +998 71 234-48-67
E-mail: info@astrin.uz
Интервью директора АИ АН РУз Эгамбердиева Ш.А. газете «Янги Ўзбекистон»

Инсоният қадим-қадимдан фазога термулиб, унинг бағридаги сон-саноқсиз юлдузу сайёралар сир-синоатини билишга қизиқиб келади. Ана шундай интилишлар туфайли юзага келган астрономия фани ривожига она заминимиздан етишиб чиққан Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи сингари буюк аждодларимиз, фалакиёт илмининг етук намояндалари улкан ҳисса қўшган.

Турли соҳаларда эришилаётган ютуқларда астрономик илмий изланишлар, кашфиётларнинг ўрни қандай? Бугун қандай ютуқлар қўлга киритилмоқда? Уларнинг амалий аҳамияти нимада?


Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти директори, «Фан ва турмуш» журнали бош муҳаррири, академик Шуҳрат Эгамбердиев билан суҳбатимиз шу каби масалалар атрофида кечди.

— Кўпчиликни қизиқтирадиган бир савол билан мурожаат қилсам. Астроном олимлар, соҳа мутахассислари томонидан олиб борилаётган ишларнинг амалий аҳамияти нимада?

— Бу жуда яхши, амалий аҳамият касб этадиган савол. Унга жавобни оддий мисол воситасида берсам. Қуёш тизимида — Марс билан Юпитер сайёралари оралиғида астероидлар белбоғи мавжуд. Ушбу белбоғда ўлчамлари бир неча юз метрдан бир неча юз километргача бўлган самовий тошлар — астероидлар ҳаракатланади. Ўзаро тўқнашувлар натижасида баъзи астероидлар сайёрамиз яқинига келиб қолади. Улар БМТ томонидан «цивилизацияга хавф туғдирувчи» астероидлар деб таърифланиб, махсус рўйхатга киритилган. 2013 йилда Челябинск шаҳрида ана шундай осмон жисмининг портлаши натижасида кўплаб биноларга ва одамларга шикаст етганини эслашнинг ўзи кифоя.

Сўнгги ўн йил мобайнида ушбу рўйхатдаги астероидлар сони кескин ошиб, 2021 йилнинг апрель ойи ҳолатига кўра, 25 минг 538 тани ташкил этди. Уларнинг ҳаракати мониторингини олиб бориш, келгусидаги ўзгаришини башорат қилиш, орбиталари ва сайёрамиз билан тўқнашиши эҳтимолини ҳисоблаш астрономлар олдида турган муҳим амалий тадқиқотларнинг энг долзарби ҳисобланади.

Мамлакатимиз ниҳоятда қулай минтақада, океан ва денгизлардан узоқда жойлашган. Бизнинг яқин атрофимизга бирорта астероид қулайдиган бўлса, у албатта, зарар етказиши мумкин, лекин глобал миқёсдаги вайронагарчиликка олиб келмайди. Астероид мабодо Тинч океанига тушса, юзага келган цунами оқибатида қирғоқ давлатларига мисли кўрилмаган офат ёғилади. Шу боис, астрономия обсерваторияларида махсус «Фазо гвардияси» номли дастур тузилган. Ушбу дастурга Ўзбекистондаги Майданак обсерваторияси ҳам киритилган. Вақти-вақти билан биз сайёрамиз яқинидан ўтаётган астероидларни келишилган дастурлар доирасида кузатиб, маълумотларни тегишли марказларга юбориб турамиз. Шунинг учун биз яқин осмондаги ҳолатдан хабардормиз. Газетхонларга мамнуният билан айтмоқчимизки, яқин юз йил ичида реал хавф туғдирувчи астероид бугунги кунда қайд этилгани йўқ.


— Аввал ўзбекистонлик астрономлар томонидан қилинган кашфиётлар ҳақида онда-сонда ўқиб қолардик, эшитардик. Сўнгги пайтларда бу борада қандай янгиликлар бўлди?

— Оламшумул кашфиётлар ҳар куни бўлавермайди. Образли қилиб айтганда, коинот сир-синоатларини йиллар давомида машаққатли меҳнат қилган олимларгина очиб беради. Бир неча йил олдин олимларимиз янги сайёра очгани, Етти қароқчи юлдуз туркумидаги ўта янги юлдузнинг чақнашини биринчилардан бўлиб қайд этганини фахр билан эълон қилган эдилар. Сўнг ги йилларда ҳам қатор муҳим натижаларни қўлга киритдик. Лекин ҳар қандай илмий натижани ҳаммага тушунарли, оддийгина қилиб тушунтириш жуда қийин. Таъкидлаш керакки, баъзи кашфиётларнинг туб моҳиятини тушуниш ҳатто мавзуга яқин мутахассислар учун ҳам мураккаб бўлади. Астрономиядан мисол келтирмоқчиман. Юлдузлар ўзгармас осмон жисмлари эмас. Улар ҳам табиатдаги барча нарсалар каби туғилади, ривожланади ва тугайди. Юлдузлар коинотдаги улкан газ ва чанг булутларидан гравитацион сиқилиш натижасида пайдо бўлади, «улғаяди» ва ниҳоят атрофга сочилиб, яна қайтиб юлдузлараро газга айланади. Энг катта массага эга бўлган юлдузлар ўрнида "қора туйнук"лар ҳосил бўлади. Бу осмон жисмларини ҳеч қачон ва ҳеч қандай усул ёрдамида кўриб бўлмаслиги учун улар шундай аталган. Лекин фанда бугунги куннинг ҳақиқати эртангисига тўғри келмайди. “Қора туйнук”лар билан ҳам шундай ҳолат юз берди. 2019 йил 10 апрелда астрономлар "қора туйнук"нинг инсоният тарихидаги илк тасвири олинганини эълон қилди. Бундай кашфиётни қилиш учун Ер сайёраси катталигидаги телескоп керак эди. Олимлар бу масаланинг ниҳоятда мақбул йўлини топди. Улар Ер юзининг турли минтақаларида жойлашган 8 та радиотелескопни М87 галактикасига йўналтириб, унинг марказида жойлашган "қора туйнук"нинг шарпаси (силуэти) тасвирини олишга муваффақ бўлди. Бу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун олдиндан мураккаб назарий моделлаш ва шарпанинг шаклини башорат қилиш керак эди. Ана шу ишни амалга оширишда олимларимиз фаол иштирок этган. Бу бизнинг оламшумул кашфиётга муҳим ҳиссамиз бўлди!


— Бугунги кунда мамлакатимизда астрономия йўналишида илмий тадқиқотлар қилиб, илмий янгиликлари дунё миқёсида эътироф этилаётган ёш олимлар етишиб чиқяптими? Бу борада кимларни эътироф этган бўлар эдингиз?

— Юқорида қайд этилган оламшумул кашфиётда ЎзФА Астрономия институти профессори Бобомурод Аҳмедов бошчилигидаги гуруҳ лойиҳанинг назарий ва моделлаштириш ишларида фаол иштирок этиб, "қора туйнук"лар назариясига оид 30 дан ортиқ илмий мақолани дунёнинг энг нуфузли журналларида чоп эттирган. Улар эришган натижа дунё илмий жамияти томонидан алоҳида аҳамиятга молик.

Институтимизнинг ёш олими Аҳмаджон Абдужабборов 2017 йилда Web of Science халқаро агентлиги танловида Ўзбекистондаги энг ёш иқтидорли олим, 2019 йилда эса энг яхши технолог-тадқиқотчи номинациялари бўйича ғолиб деб топилди. Шу йилнинг ўзида Бобур Тошматов Scopus халқаро маълумотлар базаси бўйича энг яхши ёш олим номинациясида ғолиб бўлди. Бир йил олдин у Арман Турсунов билан биргаликда Чехия физиклар жамияти томонидан ўтказилган танловда энг иқтидорли ёш олим номига эришди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида Президентимиз қарори билан Бобомурод Аҳмедов «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони билан, Аҳмаджон Абдужабборов эса «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Ўйлайманки, бу каби ёшларимиз Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда ўзларининг муносиб ҳиссала- рини қўшади.

Таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган ютуқларга эришишда Президентимизнинг ёшларга бўлган эътибори муҳим аҳамият касб этмоқда. Биргина Астрономия институтида 10 дан ортиқ ёш олим имтиёзли кредитлар эвазига уй-жой билан таъминланди. Бу кўрсаткич Фанлар академияси бўйича 150 га яқин. Сўнгги йилларда олимларимизнинг маоши кескин оширилди. Қолаверса, янги асбоб-ускуналар ва ҳисоблаш воситалари билан жиҳозланган лабораториялар ташкил этилди.

Олимларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Астрономия соҳасидаги натижалар мамлакатимизда илм-фан соҳасидаги ижобий ўзгаришларнинг бир қисми, холос.


— Ҳозир Астрономия институтида бажарилаётган тадқиқотлар, асосан, Қашқадарё вилоятидаги Майданак обсерваториясида олинган кузатув маълумотларига асосланган. Мазкур обсерватория фаолияти, бу ердаги илмий кузатувлар ҳақида тўхталсангиз.

— Ҳар бир соҳа, жумладан, фан йўналишининг истиқболини белгиловчи ва узоқ муддат давом этувчи омиллари мавжуд бўлса, унинг истиқболи порлоқ. Бундай омиллар астрономия фанида мавжуд бўлгани туфайли мен келажакка катта умид билан қарайман. Бу омилларни санаб ўтмоқчиман.

Биринчидан, Майданак атмосфера шароитларининг осмон жисмларини кузатишга қулайлиги (астроиқлими) бўйича жаҳоннинг энг нуфузли обсерваториялари билан рақобатлаша олади. Бинобарин, биз катта ҳажмдаги ва сифатли кузатувлар қила оламиз.


Кузатувлар коинотнинг энг узоқ ҳудудларида жойлашган квазарлар, галактикаларнинг спирал енгларида жойлашган юлдузлар шаклланадиган ҳудудларни ўрганиш имконини беради, уларнинг ўта юқори сифатли тасвирларини олишни тақозо этади. Майданакда эса бундай имкониятлар бисёр.

Иккинчидан, ҳозирги кунда аксарият астрономик дастурлар осмон жисмларини узлуксиз (кеча-кундуз алмашиши туфайли узилишларсиз) кузатишни тақозо этади. Бу ишни Ер куррасининг турли бурчакларида жойлашган обсерваториялар орқали узвий кетма-кетликдагина бажариш мумкин. Шу жиҳатдан Майданак обсерваторияси ниҳоятда қулай географик нуқтада — Евроосиё минтақасининг қоқ ўртасида жойлашгани муҳим. Масалан, Майданакда тун бўлганида Ер шарининг қарама-қарши томонида — АҚШ ҳудудида кундуз бўлади ва аксинча. Шу туфайли бундай дастурларни бажаришда Майданакнинг ўрнини босадиган обсерватория йўқ. У қатор халқаро астрономик кузатув дастурларининг фаол иштирокчисидир.


Қайд этганимиздек, юқори массага эга юлдузлар эволюциясини улкан портлаш билан якунлайди. Бунда атрофг а миллиардлаб тонна юлдуз массаси отилади ва олдинлари хира бўлиб кўринган юлдуз ўрнида ёрқинлик пайдо бўлади. Бундай ҳодисалар фанда ўта янги юлдузлар чақнаши дейилади. 2017 йилнинг май ойида биз Майданакда ана шундай ҳодисани дунёда биринчилардан бўлиб кузатганмиз.

Умуман айтганда, Майданакдаги фао лият астрономия фанимизнинг рақобатбардошлигидан даракдир! Майданак обсерваторияси билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган марказлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.


— Астрономия институтининг халқаро илмий ҳамкорликлари ҳамда ўзаро тажриба алмашишлари ҳақида гапириб берсангиз.

— Шу йилнинг 1-3 ноябрь кунлари Астрономия институтида онлайн тарзда Майданак обсерваториясида тадқиқот олиб борувчи астрономларнинг VI анжумани бўлиб ўтди. Бу бирлашма 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳар икки-уч йилда барча аъзолар учрашиб, Майданакдаги илмий ишларнинг сарҳисобини чиқаради. Аввалги йиғилишлар Жанубий Корея, Япония, Россия ҳамда Хитойда бўлиб ўтган. VI анжуман ишида Ўзбекистон билан бирга Франция, Германия, Италия, Швейцария, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Жанубий Корея каби 17 мамлакатдан жами 75 нафар олим (38 нафари хорижлик) қатнашди. Анжуманда 2018 йилда Хитойда бўлиб ўтган йиғилишдан кейин обсерваториядаги ўзгаришлар, янги имкониятлар, сўнгги йилларда қўлга киритилган илмий натижалар ва, албатта, келгуси режалар муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда институтнинг 20 га яқин ёш илмий ходими «Эл-юрт умиди» ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ҳисобидан жаҳоннинг етакчи илмий марказларида қисқа ва узоқ муддатли илмий сафарларда бўлиб, ўз малакасини ошириб қайтди. АҚШдаги Миллий астрономия маркази ва Нью-Йоркдаги Манхэттен коллежи, Германиядаги Европа жанубий обсерваториялари маркази ҳамда Гёте университети, Хитой ва Япония Миллий астрономия обсерваториялари, Шанхайдаги Фудан университети, Ҳиндистондаги Астрофизика ва астрономия бўйича халқаро марказ, ТАТА фундаментал тадқиқотлар институти ана шулар сирасига киради. Бундай илмий сафарлар Астрономия институти илмий салоҳиятининг кескин ошишига туртки берди.


— Астрономия институтининг мамлакатимизда фалакиёт илмини янада ривожлантириш борасидаги истиқболдаги вазифаларига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Астрономия институти Майданак обсерваториясида замонавий телескоплар ва ускуналар ўрнатиш, улар ёрдамида янгидан-янги галактикалар ва ҳозирча кузатиш имкони йўқ жараёнларни кузатиш билан боғлиқ фаолиятда янада салмоқли натижаларга эришишни мақсад қилган.

2017 йил сентябрь ойида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган, фан ва технологияларга бағишланган биринчи саммитида ислом давлатларида илм-фанга бўлган эътиборни кучайтиришни айнан астрономия мисолида тарғибот этиш масаласи кўрилган. Нега айнан астрономия? Чунки мусулмон олимлари айнан астрономия соҳаси бўйича жаҳон илм-фанига энг салмоқли ҳисса қўшган. Лекин бу масалада битта номутаносиблик борлиги қайд этилди. Бу ҳам бўлса, XXI асрга келиб, бирорта мусулмон давлатида йирик телескоп йўқлигидир. Ўша саммитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, Ўзбекистондаги Майданак обсерваториясида кўзгусининг диаметри катта бўлган замонавий телескоп ўрнатиш ва унга Мирзо Улуғбек номини бериш ташаббуси билан чиқди. Ҳозир бу масалада жаҳоннинг етакчи марказлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Бундай телескоп роботлашган, масофадан бошқариш имкониятига эга бўлиши керак. Қолаверса, унда ишлаш малакали кадрлар бўлишини тақозо этади. Астрономия институтида бундай ишларни уддалай оладиган юқори малакали кадрлар мавжуд ва улар ёш авлодни ҳам шу руҳда тарбиялаб келмоқда. Шунинг учун Майданак обсерваторияси келажакда жаҳоннинг етук астрономия марказларидан бирига айланишига ишонамиз.

«Янги Ўзбекистон» мухбири
Шаҳзод ҒаффороВ
суҳбатлашди.
Улуғбек номидаги Астрономия институти,