Menu ...
Bizning manzil
O’zbekiston, 100052
Toshkent shahri
Astronomiya ko’chasi, 33-uy
Tel: +998 71 235-81-02
Faks: +998 71 234-48-67
E-mail: info@astrin.uz
Марснинг буюк рўпара туриши кунида тўла ой тутилиши
Шу йилнинг 27 июлидан 28 июлига ўтар кечаси бир пайтнинг ўзида иккита қизиқарли осмон ҳодисаси рўй берди: Ойнинг тўла тутилиши ва Марснинг буюк рўпара туриши. Бу икки ҳодисанинг бир бирига ҳеч қандай алоқаси йўқ, уларнинг бир вақтда содир бўлиши эса шунчаки тасодиф. Бундай ҳол 25000 йилда бир марта содир бўлади.

Майданак балантоғ обсерваториясидаги кузатишлардан лавҳалар.
Тўла фаза вақтида осмон қоронғулашиб, юлдузлар ва Сомон Йўли кўринди. Одатда, бундай тасвирлар Ойсиз тунларда олинади. Тошкента шаҳрида маълум сабабларга кўра (шаҳар ёруғлиги, чанг ва ҳ.к.) юлдузлар кўринмади.

Қуёш ва Ой, булар Ер осмони гумбазида ўлчамларини оддий кўзда кўрса бўладиган ягона осмон жисмларидир. Ер, Қуёш ва Ойнинг маълум бир ўзаро жойлашишида Ой тутилишини кузатишимиз мумкин. Қўёш томонидан ёритилган Ер фазога йиғилувчи конуссимон соя ва ёйилган конуссимон яримсоя ташлайди. Агар Ой Ер соясига бутунлай ёки қисман кирса, тўла ёки қисман ой тутилиши содир бўлади. Яъни, ушбу ҳодисанинг сабаби шундан иборатки, учта осмон жисми – Қуёш, Ер ва Ой бир тўғри чизиқда ётади ҳамда Ер сояси Ой сиртига тушади.

Ой тутилишининг сайёрамизда кўриниши харитаси

Ой тутилиши, Ой горизонт устида бўлган ҳамма жойда бир вақтда кўринади. Ой тутилишининг тўла фазаси, Ой ер соясидан чиқиб кета бошлагунча давом этади, у 1 соат 40 минут давом этиши мумкин. Бир йилда ярим йиллик оралиқ билан уч мартагача ой тутилиши содир бўлади, албатта фақат тўлиной фазасида. Агар Ой орбитасининг текислиги эклиптика текислиги билан устма-уст тушганда эди, у ҳолда ҳар тўлинойда ой тутилиши рўй берган бўларди. Ер ва Ойнинг ҳаракатланиш қонунлари асосида қуёш ва ой тутилишларининг вақтлари, қаерда ва қандай кўринишлари юз йиллаб олдин ҳисобланган.

Тутилиш намойиши

Қуёш тутилишидан фарқли равишда, яъни Қуёш бутунлай сояга кирганда кўринмай қолади, Ой бутун тутилиш давомида кўриниб туради. Фақат Ой соя ичида ҳаракатлана бошлаганда, у қизғиш – жигарранг тусда кўринади. Бунинг сабаби шундаки, қуёш нурлари Ер атмосферасида синиб, ер соясига тушади. Атмосфера кўк ва спектрнинг унга қўшни қисмини кучли ютади, конус ичида эса кучсиз ютиладиган асосан қизил нурлар ўтади. Шунинг учун Ой тутилишнинг катта фазасида қизил ёруғлик сочади ва умуман йўколиб кетмайди. Қадимда Ой тутилишини ёмонлик аломати дея ундан қўрқишган, «Ой қонга беланди» деб ўйлашган.

Тўла тутилиш фазасининг бошланиши (Астрономия институти расми)

Тутилишни оддий кўз билан ҳам кузатиш мумкин. Агар бордию, сизда дурбин ёки кўриш трубаси бўлса, Ой юзини яхшироқ кўришингиз ва ушбу астрономик ҳодисадан завқ олишингизга ёрдам беради.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қуёш тутилишини кузатишда ёдда бўлсин, қуёшнинг қисман тутилиш фазасини ёки тутилишдан ташқари ҳолатни кузатишда кўзни қора ёруғликфильтрларисиз қараш қатъиян ман қилинади! Бу огоҳлантириш айниқса оптик асбобларда Қуёшни кузатишларга тааллуқли, акс ҳолда оний сонияларда кўзни ишдпн чиқарасиз. Шунинг учун оптик инструментлар (дурбин, кўриш трубаси, телескоп) объективи олдига кўзингиз қуёш нурларидан жароҳатланмаслиги учун албатта етарлича зичликдаги қора ёруғлик фильтрларини тақишингиз керак.

Ой тутилиши ва Буюк рўпара туришида Марсни кузатиш Майданак баландтоғ обсерваторияси режасига киритилган эди. Шунингдек, Астрономия институти ҳудудидаги ва Ниҳол (Чорвоқ) дам олиш лагеридаги телескопларда намойиш қилиш ташкиллаштирилди.

Астрономия институти, Тошкент
Астрономия институти ҳудудидаги қурилиш ишларига қармасдан биз барча хоҳловчилар учун телескопда намойиш қилишга мувофиқ бўлдик. Ёшлар телеканали бир неча соат (27 июль соат 23:00 дан 28 июль соат 02:30 гача) Астрономия институтидан жонли кўрсатув олиб борди. Юзлаб одамлар ушбу ажойиб ҳодисани кузатиш учун болалари билан келишди.

Тутилиш 27.07.2018 й. 27 июлда Тошкент вақти билан соат 23 дан 24 минут ўтганда бошланди, Ер соясининг Ой диски билан бирлашиши бутун Ўзбекистон ҳудудида кўринди. Бир соатдан кейин, яъни ярим тун бошлангандан 29 минут ўтгач Ой сирти соя билан батамом қопланди, тутилишнинг тўла фазаси бошланди. Тўла тутилиш фазасининг давомийлиги 1 соат 43 минутни ташкил қилди, яъни Ой 104 минут давомида сояда бўлди. У соат 2 дан 13 минут ўтганда соядан чиқа бошлади, соат 3 дан 19 минут ўтганда эса бутунлай чиқди. Бу тутилиш салкам 4 соат давом этди.

Ойнинг тўла тутилиши охирги марта мамлакатимизда шу йилнинг 31 январь куни кузатилган эди. Бу сафар Ой ер сояси марказидан ўтиши билан ажралиб турди ва шунинг учун тутилиш давомийлиги нисбатан узоқ – 103 минутни ташкил этди. Охирги марта бунга ўхшаш тутилиш 2011 йилнинг 15 июнида содир бўлган эди. Унда тутилиш давомийлиги 1 соат 40 минутни ташкил қилган эди, яъни бор йўғи 3 минут кам.

Ниҳол (Чорвоқ) дам олиш оромгоҳи.

Шу санада яна бир ажойиб астрономик ҳодиса рўй берди – бу Марснинг буюк рўпара туриши. Ойнинг 6 градус жанубида ёруғ қизғиш «юлдуз»ни кўриш мумкин бўлди, бу Марс сайёрасидир. Марс кун сайин Ерга яқинлашиб келди, 27 июлда Қуёшдан қарама-қарши томонда жойлашгани ҳолда 57,7 млн км гача яқинлашди.

Буюк рўпара туриш - Марснинг «Қуёш - Ер» чизиғи давомида Ерга энг яқин орбитасидаги нуқтада жойлашган ҳолати. Ер ва Марснинг яқинлашиши тахминан ҳар икки йилда содир бўлади. Бундай ҳолатни рўпара туриш деб аталади, бу вақтда сайёра бутун тун давомида кўринади. Лекин агар Марс Ерга ёз охирида, яъни у перигелийдан (Орбитасининг Қуёшга энг яқин нуқтаси) ўтганда яқинлашса, Ер эса Қуёшдан энг узоқда жойлашса, у ҳолда сайёралар орасидаги масофа 56-60 млн км гача қисқаради. Астрономик кузатишлар учун қулай бундай қарама-қарши туришни буюк рўпара туриш деб аталади, улар ҳар 15 ёки 17 йилда такрорланиб туради.

Бундай ҳодиса охирги марта 2003 йилнинг 27 августида содир бўлган эди, у ҳақиқатдан ҳам Марснинг «жуда буюк» рўпара туриши эди, чунки унгача масофа 56 млн дан камни ташкил этган эди. Ҳатта шундай яқин масофада ҳам Марсни оддий кўзда юлдузлардан фарқлаш анча қийин. Катталаштириши 50 ва ундан юқори телескопда унинг дискини кўриш мумкин, сиртидаги деталларни фарқлаш учун катталаштириши 500-1000 марта ва ундан юқори қувватли телескоплар зарур. Чунончи, кузатиш ўтказиш учун шаҳар ётуғлиги ҳалақит бермайдиган, атмосфераси чанг ва бошқа аралашмалардан ҳоли, ҳаво массаси тинч ва кучсиз турбулентли жой керак. Астрономик кузатишлар учун яхши шароитли бундай жойлардан бири ЎзР ФА Астрономия институтида фаолият олиб борадиган, Ўзбекистонда жойлашган Майданак тоғи ҳисобланади.
Ulug’bek nomidagi Astronomiya instituti,