Menu ...
Bizning manzil
O’zbekiston, 100052
Toshkent shahri
Astronomiya ko’chasi, 33-uy
Tel: +998 71 235-81-02
Faks: +998 71 234-48-67
E-mail: info@astrin.uz
С Всемирным днём авиации и космонавтики!
«Янги Ўзбекистон» газетасининг шу йил 12 апрель сонида Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиевнинг «Коинотни забт этган ватандошларимиз ёхуд Юрий Гагаринни парвоздан сўнг биринчи бўлиб кутиб олган ўзбек» номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.


Космик технологияларни ривожлантириш ҳозир иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш шартларидан биридир. Чунки космик фаолият илмийтехник салоҳият, юқори технологияларни ривожлантиришга сезиларли таъсир кўрсатади. хавфсизлик ва мудофаа, табиатни муҳофаза қилиш, табиий ва техноген офатларнинг олдини олиш каби муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради.

Амалий космонавтика ва космик ракета технологияларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган конструктор Сергей Королёв ҳақли равишда соҳанинг асосчиларидан биридир. Айнан унинг раҳбарлигида Ернинг биринчи сунъий йўлдоши 1957 йил 4 октябрда учирилган. Шу куни инсоният фазони ўзлаштиришдаги илк ғалабани қўлга киритди ва собиқ иттифоқ космик ракетасозлик соҳасида энг илғор давлатга айланди.

Ундан кейин бошқа давлатлар космик трассаларга чиқди: 1958 йилда АҚШ, 1962 йилда Буюк Британия, 1965 йилда Франция, 1970 йилда Япония ва Хитой. Ўшанда асосий мақсад — инсоннинг фазога парвозини амалга ошириш эди. Шунинг учун у инсон ҳаёти учун зарур шарт-шароитни таъминлайдиган, бошқарув ва алоқа тизимига эга, мураккаб ускуналар билан жиҳозланган дунёдаги биринчи “Восток-1” космик кемасини яратди.

Ушбу кемада 1961 йил 12 апрелда учувчи-космонавт Юрий Гагарин илк бор сайёрамиз атрофини тўлиқ айланиб чиққан. Шунинг учун инсоннинг космосга биринчи парвози санаси — 12 апрель космонавтика тарихидаги энг муҳим саналардан бири бўлиб қолмоқда ва бу кун Халқаро космонавтика куни деб қабул қилинган. Шундан кейин 1961 йилнинг май-июль ойларида АҚШлик астронавтлар Алан Шепард (“Меркурий” капсуласида баллистик траектория бўйлаб) ва Виржил Гриссом кетма-кет парвоз қилди.

Лекин орбитал парвозни биринчи бўлиб АҚШлик астронавт Жон Гленн 1962 йил февраль ойида амалга оширди. Хўш, нега тарихий сана арафасида бу фактлар эсланяпти? Бунга қай даражада зарурат бор, деган саволлар туғилиши табиий. Аввало, биринчи космонавт Юрий Гагарин Ўзбекистонга келишни яхши кўрган. У 1961 йилдан 1968 йилгача мамлакатимизга олти марта келган. Халқимиз ҳар сафар биринчи космонавтни энг азиз меҳмон сифатида кутиб оларди. Унинг дўстлари орасида кўплаб жамоат арбоблари ва маданият ходимлари бор эди.

Иккинчи сабаби, космонавтика соҳаси оёққа туришида ватандошларимиз ҳам салмоқли ҳисса қўшган. Бу улкан жараённинг баъзи муҳим жиҳатларидан кўпчилик бехабар бўлиши мумкин. Ҳамюртимиз Ота Баҳромов собиқ иттифоқ авиацияси ва космонавтикасига катта ҳисса қўшган муҳандис-полковник, авиаконструктор бўлган. У 1913 йилда Тошкентда туғилган. 1938 йилдан Москва шаҳридаги ракетасозлик конструкторлик бюросида ишлаган. 1955 йилдан космонавтларнинг хавфсизлиги, қутқарув ва ҳаётини таъминлаш воситалари конструкторлик бюросини бошқаради.

Айнан у раҳбарлик қилган бюрода фазога учиш учун герметик кабина-капсулалар яратилган. Бу капсулалар аввал ҳайвонлар учун, сўнг одамлар учун ишлаб чиқилди. Қисқаси, космонавтлар хавфсизлиги Ота Баҳромов раҳбарлигидаги бюрода яратилган тизимларнинг ишончлилигига боғлиқ эди. Юрий Гагаринни парвоздан сўнг биринчи бўлиб кутиб олиш ва уни ҳукумат раҳбарлари билан учрашувгача кузатиб бориш айнан кабина-капсулалар яратувчиси Ота Баҳромовга топширилган эди.

Ҳамюртимизнинг космонавт билан учрашуви акс этган суратлар интернетда яқиндагина пайдо бўлди. 1960-йилларда чиққан мақолаларда Ота Баҳромов номи ҳеч қачон қайд этилмаган. Чунки у космик соҳанинг энг махфий мутахассисларидан бири эди. Космонавтика соҳасига муҳим ҳисса қўшган яна бир истеъдодли ватандошимиз техника фанлари доктори Рашид Отахонов эди. Ўтган асрнинг 80-йиллари бошигача космосдан тасвирлар оқ-қора рангда узатилар, бундай ҳолат фазогирларнинг имкониятини анча чеклар эди.

Рашид Отахонов олис масофага рангли тасвирларни узатиш ва қабул қилиш усулларининг назарий асосларини ишлаб чиқди. Унинг 1983 йилда яратган “Кодер-декодер-5” қурилмаси “Салют-7”, “Союз-9”, “Союз-10” ва “Союз-11” орбитал космик кемаларида синовдан муваффақиятли ўтган. Айнан ўша пайтдан бошлаб космонавтлар ҳатто очиқ космосда ишлаётган ҳолатда ҳам парвозни бошқариш марказидан рангли форматдаги йўриқномаларни олиш имкониятига эга бўлган. Бу эса улар фаолияти самарадорлигини кескин оширган.

Рашид Отахонов қурилмасининг илк синови вақтида қизиқ воқеа рўй берган. Ўша аснода “Салют-7” станциясида бўлган учувчи-космонавт Владимир Ляхов учишни бошқариш марказига рафиқасини чақиришларини илтимос қилади. Гап шундаки, ўшанда аёлнинг эгнида яшил нўхат гулли ўзига жуда ярашган оқ кўйлак бўлган. Космонавт рангли тасвир узаткичи сифатини рафиқасининг кўйлагига қараб баҳолашни истаган эди. Илтимоси бажо келтирилди. Учувчи турмуш ўртоғини яшил нўхат гулли оппоқ кўйлакда кўргач, севинчи ичига сиғмади.

Космонавтика соҳасида муҳим натижаларни қўлга киритишга муваффақ бўлган олим ва муҳандис-конструкторларни тақдирлаш мақсадида собиқ иттифоқ Космонавтика федерацияси Сергей Королёв, академик Мстислав Келдиш ва Юрий Гагарин номидаги учта медални таъсис этган эди. Бу медаллардан бирига сазовор бўлиш ҳам жуда фахрли ҳисобланган. Рашид Отахонов илмий кашфиётлари учун ушбу учала медалнинг барчаси билан тақдирланган.

1969 йилда Тошкент машинасозлик-конструкторлик бюроси ташкил этилган. 1979 йили унинг бош конструктори этиб Шавкат Воҳидов тайинланган (кейинчалик у Ўзбекистон Фанлар академияси академиги этиб сайланган). Мазкур бюронинг дастлабки муваффақиятли ишланмаси 1976 йили Ой аппарати “Луна-24”да ўрнатилган ГЗУ “ЛБ-09” тупроқ олиш қурилмаси бўлди. Унинг ёрдамида Ой сатҳида 2,7 метр чуқурликда қудуқ қазилди. Осмон жисмларини бурғилаш чуқурлиги бўйича бу рекорд ҳанузгача энг яхшисидир.

Қазиб олинган Ой тупроғи қадоқланиб, қайтиш модули ёрдамида Ерга келтирилган. Кейинчалик ушбу бюрода Марс ва унинг табиий йўлдоши Фобосда фойдаланиш учун пенетраторларнинг экспериментал намуналари ҳамда Фобосга узоқ вақт хизмат қилувчи автоматик станцияни ўрнатиш тизими ишлаб чиқилди. Венера сиртидаги ишлар учун тупроқ олиш қурилмаси яратилди. У +500°C гача бўлган ҳароратда, 95 атмосфера босими остида ва кимёвий тажовузкор муҳитда ишлаган. Қурилма 1982 йили март ойида Венера юзасига енгил қўнган “Венера-13” ва “Венера-14” космик станцияларига ўрнатилган. У ерда сайёранинг физик-кимёвий хусусиятларини ўрганиш учун Венера тупроғини бурғилаш ва тупроқ қатлами намуналарини олиш бўйича ноёб ускуналар яратилган.

Ватандошларимиз бевосита космосга ҳам парвоз қилган. Улар орасида собиқ иттифоқнинг икки карра қаҳрамони, генерал-майор Владимир Жонибеков ҳам бор. У Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида дунёга келган. Собиқ иттифоқдаги космонавтлар орасида энг кўп — 5 марта фазога парвоз қилган тажрибали космонавтдир. Космосда 145 кун 15 соат 58 дақиқани ўтказган. Президентимиз 2022 йили Владимир Жонибековни 80 ёшга тўлиши муносабати билан “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.

Ўзбек халқининг яна бир фарзанди, учувчи-космонавт Солижон Шариповни айтиб ўтиш жоиз. 1997 йил ёзида Солижон Шарипов АҚШнинг кўп марта фойдаланиладиган Space Shuttle космик кемаси бортида парвозга тайёргарлик кўриш учун АҚШга борди. 1998 йил январида у “Endeavour” космик кемасида 8 кун 19 соат 47 дақиқа давом этган биринчи парвозини ўтказган. Парвоз пайтида Shuttle билан Россиянинг “Мир” орбитал станцияси туташуви амалга оширилган. Солижон Шарипов Ўзбекистон Респуб ликасининг “Буюк хизматлари учун” ва “Амир Темур” орденлари ҳамда НАСАнинг “Космик парвоз учун” медали билан тақдирланган. Юртдошимиз ўзини академик Шавкат Воҳидовнинг шогирди деб билади. Қайси космик кемада учмасин, Ўзбекистоннинг байроғини ҳамиша ғурур билан парвозга олиб кетади.

Президентимиз ташаббуси ва бевосита бошчилигида қилинаётган муҳим ишлардан бири “Обод қишлоқ” дастуридир. Ушбу дастур доирасида чекка қишлоқларда яшаётган минглаб фуқаролар учун яхши турмуш шароитини яратиш, жумладан, тоза ичимлик сув, эҳтиёжига яраша уй-жой, иш ҳамда медицина хизмати билан таъминлаш, ҳордиқ чиқариши учун хиёбонлар барпо этиш, уларнинг фарзандлари учун тўкис жиҳозланган мактабларда ўқиш имкониятини вужудга келтириш каби кўплаб хайрли ишлар бажарилмоқда.

Ана шундай чекка ҳудудлардан бири Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги Гагарин шаҳри эди. Бу ерда 2018 йилдан кенг кўламли ишлар бажарилди. Жумладан, 94 хонадондан иборат тўртта кўп қаватли ва 223 та якка тартибдаги уй қурилди. 176 та кўп қаватли уй ва 35 та кўча таъмирланди, 38 та болалар майдончаси қурилди. Илгари бирорта саноат корхонаси бўлмаган шаҳарда 2019 йилда иккита йирик тўқимачилик корхонаси, шифер, газобетон буюмлар ва пластмасса идишлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фойдаланишга топширилди.

Сўнгги йилларда Гагарин шаҳрига келган ва катта ўзгаришларни ўз кўзи билан кўрган ватандош космонавтларимиз Владимир Жонибеков ва Солижон Шарипов бу ерда космонавтика музейи ни барпо этишни таклиф қилган. Ушбу ташаббусни Президентимиз қўллаб-қувватлади ва космонавтика музейини барпо этиш ишлари 2021 йил апрелда — сайёрамизнинг биринчи космонавти парвозининг 60 йиллигини нишонлаш кунигача якунланди. Музейнинг очилиш маросимида космик соҳанинг йирик намояндаларидан иборат нуфузли делегация қатнашди.

Делегация аъзолари орасида Владимир Жонибеков ва Солижон Шарипов ҳам бор эди. Сайёрамизнинг биринчи космонавти номини олган шаҳардаги бу маданият маскани Ўзбекистондаги космонавтикага бағишланган илк музей бўлди. Унинг экспонатларида ватандошларимиз, олим ва муҳандис-конструкторларимизнинг ушбу муҳим соҳа ривожига қўшган ҳиссаси акс эттирилган. Ҳеч шубҳасиз, музей ёшларни ватанпарварлик, ота- боболарининг заковати маҳсули билан фахрланиш руҳида тарбиялашга, уларда илм-фан ва техникага қизиқиш уйғотишга хизмат қилади.
Ulug’bek nomidagi Astronomiya instituti,